yunusobod.tashkent.uz Yunusobod.Tashkent.Uz - “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари” МДҲ Авиакомпаниялари Ичида Биринчи Бўлиб “Boeing 787 Dreamliner”Ни Сотиб Олади
Фотогалерея
Видеогалерея
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МДҲ авиакомпаниялари ичида биринчи бўлиб “Boeing 787 Dreamliner”ни сотиб олади

 “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МДҲ авиакомпаниялари ичида биринчи бўлиб “Boeing 787 Dreamliner”ни сотиб олади

 

  Ушбу ибора Ўзбекистондан Европа, Осиё ва Американинг қирқдан зиёд шаҳрига парвоз қилаётган самолётлар салонида мунтазам жаранглайди. Ғарбда Нью-Йоркдан шарқда Токиога қадар, шимолда Тюмендан жанубда Сингапургача халқаро аэропортларнинг учиш майдонларида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси рамзи туширилган замонавий самолётларни учратиш мумкин. Жадал, барқарор ва изчил ривожланиб бораётган ушбу авиаташувчи мустақил Ўзбекистоннинг тимсолларидан биридир. 

 

Ҳар доим талаб даражасида бўлиш

 

  Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси маълумотларига кўра, жаҳонда турли даражадаги 1300 дан зиёд давлат ва хусусий авиакомпания мавжуд. 470 дан ортиқ авиаташувчи халқаро ҳаво қатновларини амалга оширса, шунинг 250 га яқини мунтазам халқаро авиарейсларни йўлга қўйган. Президентимиз Ислом Каримовнинг фармонига биноан 22 йил аввал ташкил қилинган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси жиддий рақобат шароитида жаҳон авиабозорида ўзининг муносиб ўрнини эгаллади. Хавфсизлик, қулайлик ва юқори сифатли хизмат кўрсатиш компаниянинг ўзига хос ташриф қоғозига айланган. Ўтган йили Британиянинг мустақил SkyTrax рейтинг агентлиги томонидан миллий авиакомпаниямиз кўрсатаётган хизматлар сифатининг аудити якунлари ҳам буни яна бир бор тасдиқлади. 

 

–   Компаниямиз эришаётган барча ютуқлар – бу давлатимиз раҳбарининг доимий эътибор ва ғамхўрлиги, технологик паркни мунтазам модернизация қилиш, Ғарбда ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган лайнерларга техник хизмат кўрсатишни ривожлантириш, ер усти инфратузилмасини такомиллаштириш, ҳаво ҳаракатини бошқариш тизимини тубдан ислоҳ этиш, мамлакатимизда юқори малакали кадрлар тайёрлаш каби йўналишларни ўз ичига олган аниқ мақсадли ва серқирра ишлар самарасидир, – дейди “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси бош директорининг биринчи ўринбосари Акмал Акбаров. 

 

  Миллий авиакомпаниянинг ишлаб чиқариш ва молиявий кўрсаткичлари йил сайин ўсиб, иш самарадорлиги ортиб бормоқда. 2014 йилнинг биринчи ярмида 11,4 мингдан зиёд парвоз амалга оширилиб, 1,2 миллион нафардан ортиқ йўловчи, 20 минг тоннадан кўпроқ юк, жумладан, почта ташилди. Бунга авиабозор талабларига тез мослашиш, йўналишлар географиясини кенгайтириш ва парвозлар сонини кўпайтириш эвазига эришилмоқда. Жорий йилда Сингапурга ҳаво қатнови йўлга қўйилди, Термиздан Санкт-Петербургга, Урганчдан Волгоградга авиайўналишлар очилди, парвозлар сони кўпайди. Масалан, Тошкент-Рига-Нью-Йорк ва Нью-Йорк-Рига-Тошкент йўналиши бўйича рейслар ҳафтада икки марта – пайшанба ва якшанба кунлари амалга оширилмоқда. Мамлакатимиз туризм салоҳиятини юксалтириш мақсадида Франкфурт, Париж ва Милан шаҳридан ҳаво қатнови Урганч шаҳри орқали амалга оширилмоқда. 

 

Мамлакатимизнинг ҳаво бандаргоҳлари

 

Мавжуд техник базани янгилаш, хусусан, йўловчи ва юк терминаллари инфратузилмасини такомиллаштириш миллий авиакомпаниямиз фаолиятининг истиқболли йўналишларидан биридир. Президентимизнинг доимий эътибори самарасида мамлакатимиз аэропортларида учиш-қўниш йўлаклари реконструкция қилинди, аэровокзал комплексларининг ташқи кўриниши деярли тўлиқ янгиланди, йўловчи терминаллари сони кўпайтирилиб, хизмат кўрсатиш технологияси яхшиланди. Янги учиш-қўниш йўлаклари ҳар қандай русумдаги самолётларни, терминаллар эса оқими тобора кўпайиб бораётган йўловчиларни қабул қилишга қодир. 

 

  “Тошкент” аэропортида бир соатда 400 йўловчига хизмат кўрсатадиган маҳаллий ҳаво йўлларининг янги аэровокзали барпо этилди. Халқаро авиаташув терминалида йўловчилар учун қўшимча шароитлар яратилди. Бу ерда юқори даражадаги қулайликларга эга бизнес-зал, она ва бола хонаси, тиббиёт пункти, тамаддихона, «Duty-free» дўкони йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатмоқда. Айни пайтда аэропортнинг VIP ва CIP заллари капитал таъмирланмоқда.

 

  «Навоий» ва «Бухоро» аэропортларида барча қулайликларга эга ва юқори технологияли ускуналар билан жиҳозланган янги йўловчи терминаллари самарали фаолият кўрсатмоқда. “Урганч” халқаро аэропортида 2011 йилда йўловчиларни қабул қиладиган янги зал, бир ой аввал эса соатига 300 кишига хизмат кўрсатиш қувватига эга йўловчи терминали ишга туширилди. Хоразм вилоятига келаётган сайёҳлар учун воҳанинг транспорт имкониятлари, бу ердаги меҳмонхоналар, умумий овқатланиш жойлари тўғрисида ва бошқа фойдали маълумотларни ўз ичига олган ахборот хонаси ташкил этилди. Мустақиллик байрами арафасида “Фарғона” аэропортида ҳам янги аэровокзал фойдаланишга топширилади.

 

  Аэропортлар инфратузилмасини ривожлантиришга доир чора-тадбирларнинг изчил амалга оширилиши натижасида мамлакатимизнинг 12 аэропорти халқаро мақомга эга бўлди. Шу йилнинг февраль ойида «Тошкент», «Бухоро», «Самарқанд», «Нукус», «Қарши», «Термиз», «Урганч», «Андижон», «Фарғона», «Навоий», «Наманган» аэропортлари бошқа бўлинмалар қатори ISO 9001:2008 халқаро сифат стандарти талабларига мувофиқлик бўйича дастлабки ресертификация аудитидан ўтди. 

 

  Мамлакатимиз аэропортларининг турли халқаро танловларда муваффақият қозонаётгани уларнинг самарали фаолият кўрсатаётганидан далолат беради. Жорий йилнинг июнь ойида учта аэропорт 2013 йилги фаолияти якунлари бўйича “МДҲ мамлакатларидаги энг яхши аэропорт” танловининг турли номинацияларида ғолиб бўлди. Мисол учун, йилига юз мингдан ярим миллион нафаргача йўловчи ташиётган “Бухоро” ҳаво бандаргоҳи “Барқарор ривожланаётган аэропорт” мақомига сазовор бўлди. “Самарқанд” ва “Урганч” халқаро аэропортлари “Ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси” номинациясида ғолиб чиқди. 

 

  Халқаро экспертлар Ўзбекистон аэропортларини хавфсизликни таъминлаш нуқтаи назаридан ишончли деб эътироф этмоқда. Уларнинг барчасида газ анализаторлари ва металл излаш мосламалари, сканерлар ишлаб турибди, янада такомиллашган ва ишончли техника жорий этилаётир. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан патруль хизматининг йўлга қўйилгани, ҳудудларни видеокузатув ва махсус техник текширув воситалари билан таъминлаш аэропортларда хавфсизлик даражасини юксалтиришга ёрдам бермоқда.

 

Парвозлар қулайлиги йўлида

 

  “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий компанияси авиапаркини босқичма-босқич янгилаш дастури амалга оширилмоқда. Европанинг Ўзбекистон миллий авиакомпанияси рамзи туширилган дастлабки «Airbus» самолёти мамлакатимизга 1993 йил, Американинг «Boeing» ҳаво кемаси эса 1996 йилда келтирилди. Улар нафақат халқаро, балки маҳаллий йўналишларга парвоз қилган Ил-62, Ил-86, Ту-154, Як-40, Ан-24 самолётлари ўрнини эгалламоқда. Сўнгги уч йилда авиакомпания парки жаҳон авиация саноатининг етакчи корхоналарида ишлаб чиқарилган замонавий, қулай ва тежамкор «Airbus-320-200» ва «Boeing 767-300-ER» ҳаво кемалари билан тўлдирилди. 

 

2016 йилда Ўзбекистонга иккита «Boeing 787 Dreamliner»нинг келтирилиши мамлакатимизда авиаташувлар ривожлантириш тарихидаги энг муҳим воқеа бўлади. «Ўзбекистон ҳаво йуллари» узоқ масофага парвоз қиладиган ушбу қулай ва шинам лайнерларни харид қилиш бўйича «Boeing – Фуқаро самолётлари» компанияси билан шартнома имзолаган дастлабки авиакомпаниялардан биридир. Миллий авиакомпаниямиз МДҲ ҳудудида ушбу янги ҳаво кемаларидан биринчи бўлиб фойдаланади. 

 

–   Мамлакатимиз ҳудудлари ва хорижий давлатларга ўттиз йилдан буён парвоз қиламан, – дейди тадбиркор Шавкат Мирзаев. – Ўзбекистон аҳолиси чет элга чиқиш учун, гарчи охирги манзил Тошкентдан жанубда жойлашган бўлса-да, албатта шимолий йўналиш – Москвага учиши шарт бўлган вақтлар ҳали-ҳамон эсимда. Бу анча ноқулайликлар туғдириб, қўшимча харажат талаб этарди. Мустақиллигимиз шарофати билан янги йўналишлар ташкил этилиб, хорижга нафақат Тошкент, балки мамлакатимизнинг бошқа шаҳарларидан ҳам парвозлар амалга оширилмоқда, кўрсатилаётган хизматлар сифати яхшиланмоқда. 

 

  «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси самолётларига чиққан йўловчилар қулай, шинам муҳитга тушади, алоҳида эътироф ва ғамхўрликдан баҳраманд бўлади. Ҳаво кемалари барча замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Видеопроекторлар орқали бадиий, ҳужжатли фильмлар, мусиқий клиплар, мультфильмлар намойиш этилади. “Boeing” самолётларида алоҳида мониторлар мавжуд бўлиб, йўловчи ўзи учун қизиқарли бўлган дастурни танлаши мумкин. Бу мониторларда самолёт йўналиши ва парвоз ҳақидаги («air-show» тизими) ахборотни кузатиш мумкин. Узоқ масофага учадиган халқаро йўналишларга парвоз чоғида биринчи ва иккинчи класс йўловчилари «iPad» борт планшентидан бепул фойдаланиши, махсус «Sky Shop» журнал-каталогида ўзига ёққан маҳсулотни харид қилиши мумкин. 

 

  Тамадди қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. «Кетринг» давлат унитар корхонаси директори Бўрон Эргашевнинг айтишича, ишлаб чиқариш қувватлари барча авиайўналишларга парвоз қиладиган самолётларда минг порция иссиқ ва яхна таом тайёрлаш, турли ичимлик ва мевалар тақдим этиш имконини беради. Таомлар ва маҳсулотлар сифати мунтазам назорат қилинади, 300 турдан ортиқ таом “Глобал тест” мувофиқлик сертификатига эга. Мижозлар авиачипта сотиб олиш ёки брон қилишда ёши ва эътиқодини ҳисобга олган ҳолда махсус таомга буюртма бериши мумкин. Самолётларда вегетариан, болалар, мевали ва кошер таомлари ҳам таклиф этилади.

 

  Кўп маротаба парвоз қиладиган йўловчилар учун миллий авиакомпания алоҳида «UzAirPlus» дастури – парвознинг ҳар бир километри учун балл тўплаш тизимини таклиф қилади. Унинг иштирокчилари мукофот сифатида совринли парвоз қилиш, хизмат кўрсатиш тоифасини ошириш, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси рейсларида рўйхатдан ўтиш чоғида бизнес-холл хизматларидан фойдаланиш имконига эга бўлади. Энг кўп балл тўплаган иштирокчилар қўшимча имтиёз ва хизматлардан фойдаланиши мумкин, шунингдек, CIP залида рўйхатдан ўтиш ва қўшимча юкни бепул олиб ўтиш имконини яратадиган кумуш ёки олтин карточка берилади.

 

  Кадрлар масаласи алоҳида эътиборда 

 

Дунёнинг кўплаб авиакомпаниялари Ўзбекистон учувчилар тайёрлаш мактабини энг нуфузли мактаблардан бири сифатида эътироф этмоқда. Зеро, ушбу мактабда кўп йиллар давомида “устоз-шогирд” анъаналари асосида, назария билан амалиёт чамбарчас боғлиқ ҳолда шаклланган. Истиқлол йилларида бошланган авиапаркни замонавий самолётлар билан тўлдириш жараёни ҳаво флотини модернизация қилиш, учувчиларни тайёрлашга нисбатан талабларни кучайтиришни тақозо этди. Мамлакатимизга янги самолётларнинг келтирилиши муносабати билан дастлабки бир гуруҳ авиация ходимлари Буюк Британия, Германия, АҚШ, Франция, Жанубий Кореядаги энг яхши ўқув-машғулот марказларида ҳам назарий, ҳам амалий тайёргарликдан ўтди. 

 

  Ўзбекистон Қаҳрамони, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси “Boeing” учувчилар отрядининг учувчи-йўриқчиси Зархўжа Саидазимов фаолияти бунга яққол мисолдир. З.Саидазимов 1992 йили миллий авиакомпаниямиз ташкил этилгандан сўнг Тошкент-Баҳрайн-Тошкент йўналиши бўйича “Ту-154” самолётида биринчи парвозни амалга оширди. Сўнгра хорижлик ҳамкасблари билан биргаликда «Airbus» ва «Boeing» лайнерларида парвоз қилишни ўзлаштирди. Айни пайтда, тажрибали учувчи сифатида кўп йиллардан буён ёшларга маҳорат сирларини ўргатиб келмоқда. 

 

  2012 йилда жаҳон бўйлаб тақдимот тури доирасида Тошкентга дастлабки «Boeing 787 Dreamliner» келиб қўнганда, Америка компанияси ва «Ўзбекистон ҳаво йуллари» вакиллари самолётнинг техник хусусиятларини синаб кўриш учун унда бир соат парвоз қилди. Лайнерни бошқариш миллий авиакомпаниямизнинг энг яхши учувчиларидан бири, З.Саидазимовнинг тажрибали шогирдларидан Компания учувчилар комплекси директори Алишер Каримовга ишониб топширилган эди. «Boeing – Фуқаро самолётлари» компаниясининг бундай қарори учувчиларимиз маҳоратига бўлган чуқур ҳурматдан далолат беради. 

 

  Яқин вақтлар ичида бундай учувчилар миллий авиакомпаниямизнинг ўзида халқаро сертификатга эга ва барча зарур шарт-шароитлар билан таъминланган ўқув-машғулот марказида тайёрланади. Бундан ташқари, учувчиларнинг парвоз қилиш лаёқатини сақлаш ва бунинг учун уларнинг зарур малакасини таъминлаш мақсадида компаниянинг янги Машғулотлар комплексида учувчилар “Boeing-757/767”, “А-320” ҳаво кемаларининг замонавий тренажёрлари, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган Ил-114-100 самолётининг ноёб «Full-flight» симулятори ёрдамида реал ҳолатларга яқинлаштирилган шароитларда парвоз қилишни ўрганмоқда.

 

  Парвозлар хавфсизлиги ва мураккаб авиация техникасидан фойдаланишга нисбатан халқаро талаблар ҳаво қатновини бошқаришнинг янги тизимини жорий этишни тақозо этаётир. «Тошкент» халқаро аэропортида фаолият кўрсатаётган Ҳаво ҳаракатини бошқарадиган автоматлаштирилган марказ халқаро стандартларга мос замонавий диспетчерлик ва навигация тизимлари билан жиҳозланган. «Ўзаэронавигация» маркази Ўзбекистон ҳаво кенглигида парвоз қиладиган самолётлар ҳаракатини бошқариш, янги ҳаво йўлакларини ташкил этиш имконини бераётир. Ўзбекистон осмонида парвоз қилаётган ҳар бир авиалайнер минглаб авиация мутахассислари билан яқин ҳамкорликда ҳаво ҳаракатини бошқараётган авиадиспетчерлар назоратида бўлади. 

 

  Давр синовидан ўтган мустаҳкам ишонч

 

  Бугун бутун дунёда авиация хавфсизлиги, авиаташувлар ишончлилиги ва сифатига бўлган талаб тобора ортиб бормоқда. Бу борада йўловчилар талабини қондириш ва авиаташувчилар манфаати ўртасидаги нисбатга халқаро даражада риоя этиш зарур. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ўз фаолиятида парвозлар ва авиация хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратмоқда. Авиакомпаниямиз ушбу соҳадаги ютуқлари учун Халқаро авиация хавфсизлиги фонди ва Нотижорат ҳамкорлик ташкилотининг «Парвозлар хавфсизлиги» мукофотига сазовор бўлгани, компаниянинг хавфсизлиги ва ишончлилигини тасдиқловчи IOSA аудитларидан муваффақиятли ўтгани ҳам шундан далолат беради. 

 

  Ҳаво транспортида ишлаш – бу ҳар куни юксак масъулият, чуқур билим, вазминлик, энг мураккаб вазиятларда ҳам зудлик билан тўғри қарор қабул қилишни талаб этадиган машаққатли меҳнатдир. Нафақат парвозлар хавфсизлиги ва ҳаво паркининг техник жиҳатдан созлиги, балки ёнғинга қарши ҳимоя, авария-қутқарув ва тиббий таъминот, бошқа ижтимоий аҳамиятга эга вазифаларни бажариш учувчилар, муҳандислар, техниклар ва бошқа мутахассисларнинг маҳорати, фидокорона меҳнатига боғлиқдир. Авиаходимлар саъй-ҳаракатлари бош вазифани бажариш, яъни парвозлар хавфсизлиги ва ишончлилигини, авиаташувлар мунтазамлиги ва йўловчиларга юксак даражада хизмат кўрсатишни таъминлашга қаратилган. Соҳа ходимларининг ўз ишига нисбатан бундай масъулиятли муносабатда бўлиши самарасида ҳаво флоти мамлакатимиз фахрига айланмоқда. 

 

  Миллий авиакомпаниямизнинг истиқболдаги режалари бозорнинг барча бўғинларида ўз ўрнини янада мустаҳкамлашга қаратилган. Фуқаро авиациясини янада ривожлантириш бўйича белгиланган вазифаларга мувофиқ парвозлар ва авиация хавфсизлигини таъминлаш даражасини янада ошириш, барча тузилма ва ишлаб чиқариш комплекслари фаолиятини такомиллаштириш “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси учун устувор вазифалардир. 

 

ЎзА



Печать 06 Август 2014 Ўқилди: 1618


Ишонч телефонларига аҳоли ва тадбиркорлар томонидан тушган мурожаатлар сони

 

beta(test statistika)

 

07.08.2018

ҳолати

 

Сайтга келиб тушган мурожаатлар

 

Юнусобод туманига келиб тушган мурожаатлар

 

PM.GOV.UZ Президент порталига келиб тушган мурожаатлар

 

Келиб тушгани мурожаатлар

 

457

 

 

512

 

289

 

Ижродаги мурожаатлар

 

58

 

55

 

88

 

Ижроси таъминланган мурожаатлар

 

399

 

457

 

201

 

Муддати бузилган мурожаатлар

 

19

 

33

 

19

 

 

 

 

 

 
 
 
 
 
 
 
ҚЎНҒИРОҚ ҚИЛИНГ!
Девонхона (+9989 71) 235-52-51
Шикоятлар бўлими (+9989 71) 237-61-41
Факс (+9989 71) 234-62-31

 

Хабар қолдиринг
  • Тарихий обидалар
  • Тошкентнома
  • Маданият ва санъат
  • Тадбиркорлик
  • Тендер ва эълонлар